Намоз вақтлари: Қуёш-06:55 Пешин-13:10 Аср-15:50 Шом-17:30 Хуфтон-18:50

Ассалому алайкум. Халифа Худойдод масжидининг расмий веб сайтига хуш келибсиз!!!

ДЎСТЛАШИШДА ОГОҲЛИК НУҚТАСИ

10.12.2017 й

Доно халқиқимда: «Юз сўм пулинг бўлмасин, юзта дўстинг бўлсин», – деган ҳикмат бор. Мана шу нақлга халқимиз яхши эътибор беради ва ҳаёти мобайнида имкон қадар дўст кўпайтириш, улфат орттириш ҳаракатида бўлади. Хўш, дўстлашишда нималарга эътибор қаратиш керак, унинг бўй-бастигами ёки вазнига ё бошқами? Келинг, бу борада баҳоли қудрат мулоҳаза юритайлик.

Дарҳақиқат, соф табиатли киши ҳаёти мобайнида кўпроқ дўст, улфат орттиришни истайди. Чунки, дўстларнинг ва улфатларнинг кўплиги ҳар кимга ҳам ёқади. Дўстларнинг кўплиги, дилхушларнинг бисёрлигининг омили гўзал одоб-ахлоққа боғлиқдир. Дўстлар яхши кунингда ҳам, аксида ҳам ёнингда бўлса, ғамингни кўтариб, дардингни аритса, хурсандчилигингда шерик бўлса қандай яхши...

Аллоҳ таоло мўминларни ўзаро биродарликка, дўстлашиб, бирикиб яшашга ундаган. Жумладан: «(Эй мўминлар!) Аллоҳнинг мустаҳкам арқони (Қуръони Карим)ни маҳкам ушланглар, фирқаланманглар...», деб марҳамат қилган.

Муқаддас динимиз тарихига назар ташласак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобийларига ўзаро дўстлашини, дўстлашганда ҳам қиёматли дўст бўлишни тавсия қилганлар. Асҳоби киромлар (р.а) мана шу тавсияга кўра кўплари ўзаро дўст бўлишган, аҳил-иноқ яшаганлар. Мана шунча вақт ўтибди ҳамки, мусулмонлар ўртасида дўстлик, бирдамлик ҳисси бор. Бу ҳис шундайки, кишини қариндошларига нисбатан, яқинларига нисбатан кўнглини мойил қилиб қўяди, уларга нисбатан ғамхўр қилади.

Дўстлик борасида чуқур фикр юритишдан муқаддам дўстлик борасида уламоларнинг фикрларини, унинг моҳиятини тушуниб олсак мақсадга мувофиқ бўларди.

Ҳаким зотлардан бири бундай деганлар: «Дўстлар уч турли бўлади. Уларнинг биринчи тоифаси гўёки таомга ўхшайди, ундан ҳечам ажрала олмайсан. Иккинчи тоифаси дорига ўхшайдики, унга гоҳи-гоҳида ишинг тушади. Учинчи тоифаси эса, дардга ўхшайдики, уларга имкон қадар ишим тушмасин дейсан».

Таниқли форс-тожик шоири Носир Хисравнинг бу борада машҳур байти бор:

Чинакам дўст айтган ўгит-масал,

Сирти заҳар эрур, томири асал.

Дарҳақиқат, бу борада доно халқимиз «Дўст ачитиб гапирар, душман кулдириб», – деб бежиз айтмаган. Чунончи дўстимиз аччиқ бўлсада ҳақиқатни айтади, камчиликларимизни ўзимизга айтади, ундан халос бўлишимизни истайди. Демак, дўстларнинг гапларига аҳамият бериш, уларнинг насиҳатларига қулоқ тутмоқ фойдадан холи нарса эмас. Магарам, дўст чин дўст бўлса.

Аллоҳ таоло инсонларни дўстлашишга, бирдамликка чорлаган, Пайғамбаримиз ҳам бунга кўп ҳадисларида ишора қилганлар, уламолар ҳаётларида буларни татбиқ этган эканлар деб дуч келган киши билан дўстлашиб кетаверамизми?! Йўқ, албатта. Чунки, динимиздаги бу борадаги кўрсатмалар яхши дўстлар орттиришга қаратилган. Яхши дўст бўлмаган, сизга чин дўстликни изҳор қилса-ю, амалан бошқача, аниқроғи аксинча бўлса у кимса мунофиқ бўлади.

Жалолиддин Румий ҳазратлари бу борада бундай деганлар: «Кимлар билан юрганингизга, кимлар билан дўст бўлганингизга эътиборлироқ бўлинг. Зотан, булбул гулга олиб боради, қарға эса ахлатга!»

Зоҳиран иккаласи ҳам бир синф қушлар синфига мансуб бўлган икки дўстнинг олиб бораётганига эътибор қаратган кимсага бундан ортиқроқ мисолнинг, изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак.

Замон технологиялари ривожланиб бормоқда, интернет кўп тарафлама қулайликлар тақдим этмоқда дейилган вақтлар ҳам ортда қолди. Чунки буларнинг аксари эскириб бўлди. Интернет кириб келганига, турмушимизнинг бир қисмига айланиб қолганига ҳам анча бўлди. Аммо шунча вақт ўтди ҳамки, ана шу биргина интернетдан оқилона, фойдали бўлган ўринларда ишлатишга келганда ҳануз оқсамоқдамиз. Чунки, узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилиб берган интернетдан унумли ишларгагина фойдаланиш масаласи ҳамон долзарб ва оғриқли ҳолат бўлиб қолмоқди. Кимлардир суҳбат, ёзишмалар манбаи бўлган тармоқлардан ўзининг ғаразли мақсади йўлида фойдаланса, яна бошқаси мана шунақанги бузғунчилар сафини кенгайтириш йўлида қўлламоқда. Яна бошқаси эса миллатчилик, динпарастлик, оқимпарастлик, ирқчилик ва беҳаёлик сингари бир сўз билан айтганда иллатпарастлик билан интернетни булғамоқда.

Мана шу интернет орқали дўстлашиш одати пайдо бўлгани, оммалашиб кетгани етмаганидек, энди муқаддас ва нозик масалалардан бири бўлмиш турмаш қуриш ҳолатлари ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Бу ҳолат кўп ҳолларда ачинарли тусга олиб келмоқда. Муқаддас оиланинг барбод бўлиши, бегуноҳ гўдакларнинг етим қолиши, бир нечта оилаларнинг ўзаро низолашишига сабаб бўлмоқда! Бу кимга керак, ким буларни истайди?! Хулосани ўзингизга қолдирдик.

Интернетда сизга дўстликни таклиф қилган киши ким, қаерда яшайди, қайси миллатга, қайси динга мансуб, эътиқоди қанақа ва ҳоказоларни ўзингизга бирор марта бериб кўрдингизми? Мана шу дўстликнинг оқибати қандай интиҳо топишигачи? Дўстлик таклиф қилган кишининг мақсади қандайлиги борасида интернет сизга аниқ маълумот тақдим эта оладими?!

Эътиборлироқ бўлинг! Соғлом эътиқод масаласи ҳар нарсадан устун турадиган масала ҳисобланади. Эътиқод соғлом бўлмаса, қилган амалларингиз мисоли елга ўхшайди. Сизнинг мана шу соғлом эътиқодингизга ўша «дўстингиз путур етказишидан қўрқмайсиз»ми? Қанчадан-қанча кимсалар мана шунақа «дўстликнинг оқибати» ўлароқ ўз Ватанига хоинлик қилиб, муқаддас динига бўхтонларни, уйдурмаларни тўқишгача бораётганлиги борасида айнан ўша интернетда ўқимадингизми ёхуд зиёлилардан эшитмадингизми?

Огоҳ бўлинг! Ҳар қандай дўстликнинг замирида муайян мақсад ётади. Кимдир чин маънода дўстлашса, яна кимдир ўз мақсадини амалга ошириш йўлида дўстлашади. Шундай экан, дуч келган кишилар билан дўстлашиб, шахсий маълумотларни унга тақдим этиб, унинг кўрсатмаларига амал қилавериш, йўриғига юриш чинакам нодонлик ва беилмликдан ўзгаси эмас.

Ижтимоий тармоқларнинг жамиятга ва унинг бирлигига ўз навбатида таҳдид эканлиги борасида жамиятшунос олим Шерри Теркл бундай дейди: «Ижтимоий тармоқлардаги суҳбатлар инсонийликни барбод қилаётган аҳмоқликнинг янги кўринишидир».

Мулоҳазаларимиз чоғида интернет орқали дўстлашиш, танишишни қоралашни ирода қилмаганмиз. Бизнинг фикр-мулоҳазаларимиз ким билан дўстлашаётганингизга, кимнинг дўстлигини қабул қилаётганингизга эътиборлироқ бўлишга чорладик. Мақсадимиз, халқимиз орасидаги миллатлар ва динлараро дўстоналик, аҳиллик ва бағрикенглик абадий бўлсин. Юртимиз истиқболи янада нурафшон, истиқлоли абадул-абад бўлишини сўраймиз.

«Халифа Худойдод» жомеъ

масжиди имом-хатиби

Одилжон Саъдуллаев

Рукн: Тарбия
Киритди: Админ | 76 | Улашиш:
Илм олимлар талқинида
Манзилимиз: Бухоро в, Бухоро ш
Электрон почтамиз: ilm@info.uz
ilm.uz ижтимоий тармоқларда :
© 2017 Ilm.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

ЎзМАА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1153

Сайт USAYT веб студияси томонидан яратилган. Designer: Mohi.