Намоз вақтлари: Қуёш-06:55 Пешин-13:10 Аср-15:50 Шом-17:30 Хуфтон-18:50

Ассалому алайкум. Халифа Худойдод масжидининг расмий веб сайтига хуш келибсиз!!!

БУЗҒУНЧИЛАРГА ЭРГАШМАНГ

10.12.2017 й

Ислом дини ўзгаларни ўлдириш у ёқда турсин, қўрқитишни ҳам қаттиқ қоралайди. Ислом нафақат мусулмонларга, балки бошқа дин вакилларига ҳам чиройли муомала қилишга буюради. Ҳаттоки аҳли қибланинг ортида намоз ўқишга ҳам рухсат берилган. Бу борада улуғ аллома имом Таҳовий ҳазратлари бундай деганлар: “Аҳли қибланинг яхшисию фожири ортидан намоз ўқиш жоиз, деб биламиз. Улардан ўлганларига жаноза ўқиш жоиз деб биламиз”.

Таҳовий ҳазратлари аҳли қибланинг ортида намоз ўқишни ҳам, уларнинг ўлганларига жаноза ўқишнинг жоизлигини муфассал баён қилдилар. Ўзларини “ислом давлати” деб эълон қилган ИШИДчилар эса, ўзларидан бошқаларни куфрда айблаб, уларга нисбатан оммавий қирғин эълон қилишди.

Айниқса, уламоларга нисбатан очиқ-ойдин қирғин эълон қилишгани уларнинг ким эканликларини яна бир исботлаб беради. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қавллари билан уламоларни пайғамбарларнинг меросхўрлари саналишини айтиб ўтган бўлсалар, уларга қирғин эълон қилганларни ким деб билиш мумкин?!...

ИШИДчилар ОАВ орқали берган видеоларининг аксариятида кимнидир ўлдирганлиги, кимгадир шафқатсизларча азоб беришаётганлиги тасвирланган. Нима, ислом шуми?!... Йўқ! Ислом дини фақатгина яхшиликка чорловчи, бағрикенгликка ундовчи, ёмонликлардан, бировга азият беришдан қайтаргувчи дин бўлиб, Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримдаги (Эй Муҳаммад)Раббингиз йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!...”(Наҳл, 125) мазмунли ояти мужассамдир.

Аллоҳ таоло гўзал услубда мунозара қилишга, фақатгина ҳикмат ва чиройли насиҳатлар билан даъват қилишга буюрсаю, улар қийноқлар билан исломга мажбурлаши, энг олий неъмат – жонига қасд қилиши ўзларининг кимлигига далолат эмасми?! Уларнинг динга мутлақо зид, диннинг душманлари эканлигини намоёндаси эмасми?!...

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳ таоло қонларингиз ва молларингизни (бир-бирингизга) ҳаром қилди”, – деган ҳадисларига кўра уларни ким деб аташ мумкин?! Буларнинг барчаси, ИШИД ислом душмани эканлигига далолатдир!

Ижтимоий тармоқларда ёхуд бошқа бир қатор йўллар билан ИШИД сингарилар диний саводи кам бўлган кимсаларни ўзларининг сафларига қўшиб олишга уринишмоқда. Улар кўпроқ чаласавод кимсаларни ўзларига оғдиришиб, уларни ўзларининг “билимлари” билан манқуртга айлантириб, оммага, инсонларга, яқинларига, Ватанига, ҳаттоки, оиласига ва ота-онасига қарши қилиб, душманлик қилишга, жонига қасд қилишгача олиб бораёганлигини ОАВ орқали бот-бот айтилсада, уларнинг сафига айрим кимсаларнинг бориб қўшилаётганлиги ачинарли ҳолатдир.

Мисол тариқасида ИШИД жиноятчилари томонида туриб жанг қилаётган австралиялик Холид Шарруф қўлида кесиб олинган одам калласини ушлаб турган ўғлининг суратини оммавий ахборот воситалари орқали кўз-кўз қилиб, “Бу менинг ўғлим”, деб кеккайишини олсак, бу нақадар жирканч ва аянчли ҳолатдир.

Уларнинг сафига аёл-қизларнинг ҳам қўшилиб қолиши янада хатарли ҳолат. Ҳар тарафлама нозик хилқат ҳисобланмиш аёл кишининг машаққатли меҳнатларга жалб қилиниши, қурол кўтариши қандайин аянчли ҳолат. Аёлларни ўзларининг сафларига қўшишгач, бошига шундай азобларни солишадики, кези келганда бу ҳам оддий қийноқ бўлиб қолади.Шундай воқеалар ҳам бўлганки, жангарилар томонидан ўғирлаб кетилган қиз бир вақтнинг ўзида иккита жангарига никоҳлаб берилган... Бу қанақаси, бу қайси динга мансуб ҳолат?!...

Кўзингизни очинг, бузғунчиларга эргашманг. Ҳақиқатга юз тутинг. Жаннат сари интилинг.

«Халифа Худойдод» жомеъ

масжиди имом-хатиби

Одилжон Саъдуллаев

Рукн: Тарбия
Киритди: Админ | 50 | Улашиш:
Илм олимлар талқинида
Манзилимиз: Бухоро в, Бухоро ш
Электрон почтамиз: ilm@info.uz
ilm.uz ижтимоий тармоқларда :
© 2017 Ilm.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

ЎзМАА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1153

Сайт USAYT веб студияси томонидан яратилган. Designer: Mohi.