Намоз вақтлари: Қуёш-06:55 Пешин-13:10 Аср-15:50 Шом-17:30 Хуфтон-18:50

Ассалому алайкум. Халифа Худойдод масжидининг расмий веб сайтига хуш келибсиз!!!

ИНТЕРНЕТНИНГ САЛБИЙ ВА ИЖОБИЙ ТОМОНЛАРИ

09.12.2017 й

Интернет сўзи ажнабий тилидаги қисқартирилган жумла бўлиб, тилимизда “халқаро маълумотлар тури” деган маънони англатади. Ҳозирги кунда интернетнингтинмай ривожланиши оқибатида, у фақат маълумотлар тақдим ва қабул қилиш билан чекланиб қолмай, бундан ҳам катта ҳажмдаги ишларни олиб боришга хизмат қиладиган бўлиб қолди.

Интернет орқали дунёнинг исталган нуқтаси билан тезкор алоқа ўрнатиш, зудлик билан зарур ахборот ва маълумотларни олиш, билим ва маърифатни оширишда унинг беқиёс ўрни ва аҳамияти борлигини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Ҳар бир нарсанинг ижобий ва салбий томони бўлганидек, интернетнинг ҳам икки тарафи мавжуд. У ҳам яхшиликка ҳам ёмонликка хизмат қилиши мумкин нарсага айланди. Интернетга боғлиқ муаммолар ҳам кўпайиб, жиддийлашиб бормоқда. Бизнинг вазифамиз уни яхшиликка хизмат қилдириб, ёмонликка бошламаслик чораларини кўриш, унинг зарарларидан чекланишга ҳаракат қилишдир.

Муҳтарам биринчи президентимиз И.Каримов таъкидлаганларидек: “Бугун ён атрофимизда, узоқ-яқин минтақаларда юз бераётган воқеаларни инобатга оладиган бўлсак, ҳали онги, ҳаётий қарашлари шаклланиб улгурмаган ёшларни чалғитишга қаратилган ғаразли кучлар ҳам интернет имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётгани ва бундай интилишларнинг қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эътибордан соқит қилиб бўлмайди.

Жамиятда тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришга, ўзаро адоват ва тўқнашувларга сабаб бўладиган бундай хатарларнинг олдини олишнинг битта йўли бор: ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, дўстни душмандан ажратишга қодир бўлган, бизнинг қандай бой тарих ва меросга эга эканимизни англаб яшайдиган, имон-эътиқодли, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия топган инсонлар этиб вояга етказишимиз, бу масалани ҳеч қачон иккинчи даражали вазифа деб билмаслигимиз керак...”

Ҳозирги таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи манфур иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солиши аниқ. Интернетда фойдали маълумотлар билан бир қаторда, зарарли бузуқ маълумотлар ҳам тарқалмоқда. Ақидага путур етказувчи, фоҳишабозлик ва бехаёликни тарғиб қилувчи, ахлоқсизликни тарқатувчи ва шунга ўхшаш инсон зотига ор келтирувчи ишларни тарғиб қиладиган сайтлар кўпайиб бормоқда. Баъзи одамлар, интернет орқали бир-бирига туҳмат қилмоқда, ҳақоратлаб сўкишмоқда, бир-бирини шарманда қилмоқда ва ҳоказо. Айнан интернет орқали нафақат ахлокий бузуқликлар, балки сиёсий, ижтимоий, молиявий, илмий ва бошқа кўпгина соҳаларда жиноятлар содир этилмоқда. Интернет эса, мазкур қабоҳатларни амалга оширишни осонлаштирмоқда.

Инсон қаердан, қандай маълумотларни олмасин, албатта, текшириб кўриши ва уларга кўр-кўрона эргашмаслиги керак. Аллох таоло муборак Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

“(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан бир чизиқ чиздилар-да: “Мана шу Аллоҳнинг тўғри йўли”, - дедилар. Кейин у чизиқнинг ўнгу сўлига чизиқлар чизиб: “Мана бу йўлларнинг ҳар бирининг бошида бир шайтон туриб, унга чақириб туради”, дедилар. Сўнг “Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир, Унга эргашингиз! (бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир” (Анъом,153) оятини ўқидилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Демак, бугунги кунда энг муҳим вазифамиз, ўсиб келаётган ёш авлодни диний-миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида ўз ҳалқига, Ватанига меҳр- садоқат туйғусини кучайтириш, уларни ҳар хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш, муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.

«Халифа Худойдод» жомеъ

масжиди имом-хатиби

Одилжон Саъдуллаев
Рукн: Тарбия
Киритди: Админ | 126 | Улашиш:
Илм олимлар талқинида
Манзилимиз: Бухоро в, Бухоро ш
Электрон почтамиз: ilm@info.uz
ilm.uz ижтимоий тармоқларда :
© 2017 Ilm.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

ЎзМАА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1153

Сайт USAYT веб студияси томонидан яратилган. Designer: Mohi.