Намоз вақтлари: Қуёш-06:55 Пешин-13:10 Аср-15:50 Шом-17:30 Хуфтон-18:50

Ассалому алайкум. Халифа Худойдод масжидининг расмий веб сайтига хуш келибсиз!!!

ҚАНДАЙ ЯШАСАНГИЗ ЯШАЙВЕРИНГ, БАРИДАН СЎРАЛАСИЗ!

09.12.2017 й

ҚАНДАЙ ЯШАСАНГИЗ ЯШАЙВЕРИНГ, БАРИДАН СЎРАЛАСИЗ!

Омма орасида бировнинг ҳаққи борасидаги илмларни билиш эҳтиёжи доим ҳам муҳим бўлган. Айни пайтларда халқимиз саводхонлиги ортиб, маънавият-маърифат жиҳатидан юксалиши оқибатида ҳалол-ҳаромни, бировнинг ҳаққини ўзлаштиришнинг салбий оқибатларини билиб боргани сайин янада аниқроқ билимларга эга бўлишга интилмоқда. Келинг бировнинг ҳаққи нимаю, унга ҳиёнат қилганнинг оқибати қандай бўлиши борасида фикр юритиб ўтайлик.

Бир илмли кишидан ҳамқишлоқлари: «Биз деҳқонлардан узумни яшикларда оламиз. Маълумки, яшикларнинг барчаси бир хил вазнда эмас. Аммо бир хил тара (яшик учун умумий вазн) белгилаб олганмиз. Аниқроқ айтадиган бўлсак, битта яшикдаги узумнинг вазни 8,5 кг чиқса, ундаги соф узум 7,5 кг ҳисобланади ва мана шунга асосан деҳқонга ҳақ берилади. Яшикларнинг баъзилари 1 кг.дан кам, тахминан 850-900 грамм чиқади. Бунга шариат қандай қарайди?» – деб сўрашганда, у киши: «Дўстим, сиз 100-150 грамм ҳақида гапиряпсиз. Қиёматда заррасига қадар сўраб олинади. Шундай экан, граммлардан ўта ҳушёр бўлинг. Эгасини рози қилинг», – деб жавоб берибди.

Ҳа азизлар, ҳисоб-китоб куни ҳақ. Тарози ҳақ. Биз бунга иймон келтирганмиз. Демак, унга муносиб тайёргарлик кўрмоғимиз, унинг тадоригини кўриб бормоғимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўради», (Залзала сураси, 8-оят) – деб марҳамат қилган. Яъни, ким зарра миқдорда яхшилик ёхуд унинг аксини қилгудек бўлса, албатта унинг оқибатини кўради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: «Албатта, қиёмат кунида нақирдан ҳам, қитмирдан ҳам сўраласизлар», – деб марҳамат қилганлар. Яъни, қиёмат кунида хурмонинг данаги устидаги юпқа пардасимон пўстлоғидек ёки данаги ичидаги кичкина нуқтачадек амал қилинадиган бўлса, ундан ҳам сўралади.

Бозорга боргандим. Биров картошка тортаётган экан. Тарози айтилган вазнга келгандан кейин сотувчининг қўлида бир икки дона картошка қолганди. Олувчи харидор: «ташла-еей, деҳқонмисан?» деб киноя қилди ва ўша картошкаларни ҳам халтасига солиб, фақат ўзи айтган килограмм учун пул тўлади, холос. Вазиятни кўриб туриб харидорга рости ачиниб кетдим. Чунончи у киши бировнинг ҳаққига омманинг кўз ўнгида ҳиёнат қилаётганди. Сотувчи уни ноилождан қўшиб қўяётганини юзидан пайқаб олиш қийин эмасди. Бунақанги ҳолатлар минг афсус билан айтамизки, бозорларимизда кўпайиб қолмоқда. Биров тарозидан қисиб қолса, бирови алдаб сотади. Наҳот эртанги кунини ўйламай яшаса киши...

Азизлар, мамлакатимизда истиқлол шарофати ила муқаддас динимизни янада аниқроқ англаш имкони пайдо бўлди. Яратганга ҳамдлар бўлсинки, эски кадхудолик даврига барҳам берилди. Наҳот мана шундай имкониятлар берилган пайтда, ҳар тарафда истиқлол шукуҳи барқ уриб турса, ислом динини даъво қилсагу унга мувофиқ умргузаронлик қилмасак...

Мулоҳазаларимиз сўнгида шуни алоҳида таъкидлаб ўтамизки, бировнинг ҳаққини еб ҳар тарафлама балога гирифтор бўлмасдан олдин, унинг олдини олиб қолайлик. Ўзимизни ҳам, жамиятнинг ҳам поклигини асрайлик ва ҳамжиҳатли бўлиб яшашдек бахтга путур етказишдан тийилайлик.

«Халифа Худойдод» жомеъ

масжиди имом-хатиби

Одилжон Саъдуллаев

Рукн: Таълим
Киритди: Админ | 128 | Улашиш:
Илм олимлар талқинида
Манзилимиз: Бухоро в, Бухоро ш
Электрон почтамиз: ilm@info.uz
ilm.uz ижтимоий тармоқларда :
© 2017 Ilm.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

ЎзМАА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1153

Сайт USAYT веб студияси томонидан яратилган. Designer: Mohi.