Намоз вақтлари: Қуёш-06:55 Пешин-13:10 Аср-15:50 Шом-17:30 Хуфтон-18:50

Ассалому алайкум. Халифа Худойдод масжидининг расмий веб сайтига хуш келибсиз!!!

МУСУЛМОНМИСИЗ – ЎҚИНГ!!!

09.12.2017 й

Мавзуни танлашда кескин сарлавҳа танлабди дейишингиз мумкин.Аммо қуйида мулоҳазаларимизни мутолаа қилгач ўзингиз ҳам беихтиёр шундай деб юборишингиз мумкин. Келинг, узундан узоқ фикр юритишга чек қўяйликда, мулоҳазаларимизнинг индаллосига ўтайлик.

Бугунги кунда замон технологиялари такомиллашиб бораётгани, кишиларнинг юмушларини енгиллатадиган бир қатор имкониятлар пайдо бўлаётгани ҳар қандай кишини қувонтиради, албатта. Аммо шу билан бирга етарлича муаммоларни ҳам ўзи билан олиб келганлигини ҳам инобатга олиб қўйиш лозим. Хоссатан, ёшларнинг тарбиясини издан чиқаришга, бир қатор исёнкор ишларни амалга оширишга айнан интернетдан фойаланилаётганлиги сўзимизнинг яққол исботларидандир.

Хўш, мақоланинг сарлавҳасида «ЎҚИ» хитоби мақолани ўқишга ундашми ёхуд бошқами деган ҳақли савол туғилиши табиий. Бу хитоб ислом дини тарихини билган кишилар учун жуда ҳам тушунарли хитоб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк нозил бўлган ваҳий бу айнан – ЎҚИ эди. Бу жуда ҳам катта ҳикмат, ибрат, сабоқ ҳамдир. Негаки илк ваҳий маърифатга чорламоқда, илк ваҳий билим олишга чорламоқда, илк ваҳий инсонни бирон бир ишни бошлашдан муқаддам ана шу соҳани ўқиб ўрганиб олишга ундамоқда.

ЎҚИ хитоби инсон ҳаётини нурафшон қилади. Инсон залолатдан огоҳ бўлиш йўлларини билади, оқни қорадан фарқлашни билади, кўр-кўрона бировларга эргашишнинг нотўғрилигини тушунади. Дарҳақиқат, соҳаларга оид қатор-қатор китоблар, ўқув қўлланмалар, ишланмалар бўлсаю, уни ўқилмаса соҳанинг билмидан бехабар қолинганидек, залолатдан огоҳлантириш, таҳдидлардан ҳимояланиш сингари долзарб масалаларни ўзида мужассам қилган китобни бировнинг қўлига берилсаю, унга бепарволик қилса, унинг залолат ботқоғига ботишида бошқанинг айби йўқ.

ЎҚИ деган хитоб илм олишни тарғиб қилмоқда. Илм эса, инсоннинг ҳаёт чироғидирки, илмли кишининг ҳаёти нурафшон бўлади, фикри кенг ва чиройли бўлади, жамиятда ўзининг ўрнига эга бўлади. Илмли киши ҳар қандай чорасизликка барҳам беришга, жамиятга фойда келтиришга қодир бўлади.

Ўқиган киши илмли бўлади. Илмли бўлган киши эса қудратли бўлади. Илмнинг қудрати борасида Мирзо Улуғбекдан сўрадилар:

– Сиз нега сиёсатни қўйиб, илм билан машғул бўлдингиз?

Мирзо жавоб бердилар:

– Мен илмнинг қудратини бобомдан билдим. Бир сафар мен бобомнинг тиззасида ўтирар эдим, шу пайт ҳузурларига бир киши кирди. Бобом шошиб унинг истиқболига ўрнидан турди, мен тиззасидан тушиб кетдим. Кейин билсам, у зот олим экан, бобомнинг пири комили экан. Илмнинг обрў-нуфузини мен ана ўшанда кўрдим.

Огоҳ бўлайлик! Илм олиш инсонга ҳаётий эҳтиёж бўлибгина қолмай, муқаддас динимиз буюрган фарздир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир”, – деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, илмга бепарволик қилганлар, илмни хор қилганлар қиёмат кунида албатта ундан сўраладилар.

ЎҚИ деганда фойдали, манфаатли илмларни ўқиш назарда тутилмоқда. Бундай илмларни олиш инсонни камолот сари етаклайди, дунёсини ҳам охиратини ҳам саодатли қилади. Шундай экан, ЎҚИнг, кўнглингиз ёришади, ЎҚИнг, зеҳнингиз, илмингиз ошади, ЎҚИнг савобингиз кўпаяди, ЎҚИнг бировга муҳтожликдан қутуласиз, ЎҚИнг Аллоҳни яна ҳам яхшироқ танийсиз...

Динни ниқоб қилиб олган манфур, вайронкор ғояларни амалга ошириб юрганлар ва уларнинг сафига бориб қўшилиб қолаётган кимсаларни ҳолига ачиниб кетамиз. Улар бу ҳолатга тушишига айнан илмсизлиги сабаб бўлди. Улар илмга эътибор берганларида соф исломнинг нима эканлигини англардилар, ислом ҳозир қилаётган ишларини мутлақо инкор этишини, унга қарши эканлигини яққол тушунардилар. Таассуфки, уларнинг ўқиш учун кўзлари бору аммо қалб кўзлари кўр. Улар ўқий олмайдилар, илмга қараб бора олмайдилар. Шунинг учун ўзлари ҳам, сафларига келиб қўшилганлар ҳам, мақсадлари ҳам жирканч...

Ўзингиз ЎҚИнг. Фарзандингизни ўқимишли, ҳаётда ўз ўрнини топган киши бўлиб улғайишини истасангиз ЎҚИНГ. Аввал ўзингиз ўқинг, фарзандингиз ортингиздан юради. Майли кўп эмас, оз-оздан бўлса ҳам ҳар куни ўқинг. Шояд, сиздан илҳомланиб оила аъзоларингиз ҳам ўқий бошласа...

«Халифа Худойдод» жомеъ

масжиди имом-хатиби

Одилжон Саъдуллаев

Рукн: Таълим
Киритди: Админ | 100 | Улашиш:
Илм олимлар талқинида
Манзилимиз: Бухоро в, Бухоро ш
Электрон почтамиз: ilm@info.uz
ilm.uz ижтимоий тармоқларда :
© 2017 Ilm.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

ЎзМАА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1153

Сайт USAYT веб студияси томонидан яратилган. Designer: Mohi.