Намоз вақтлари: Қуёш-06:55 Пешин-13:10 Аср-15:50 Шом-17:30 Хуфтон-18:50

Ассалому алайкум. Халифа Худойдод масжидининг расмий веб сайтига хуш келибсиз!!!

Ақида билмаган шайтона элдур

09.12.2017 й

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса елдур.

Сўфи Оллоҳёр

Ақида, эътиқод (араб. “ақд” – бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш; кўпликда ақоид) – балоғатга етган киши эътиқод қилиши, иймон келтириши, ислом динининг заруратлари шаклида тасдиқ қилиши, қалбига маҳкам боғлаб олиб ундан ажралиши мумкин бўлмаган шаръий эътиқодий ҳукмлардир. Инсоннинг икки дунёдаги саодати айнан унинг ақидасига боғлиқдир. Агар ақидаси пок, эътиқоди соф бўлса, йўли тўғри, амаллари мақбул бўлади. Бандалик билан содир этган баъзи гуноҳлари авф қилинади. Агар бунинг акси бўлса, йўли ҳам шунга муносиб бўлади.

“Экстремизм” лотинча сўз бўлиб, ўта жоҳиллик ёки қандайдир қарашларга, ҳаракатларга кўр-кўрона берилишни билдиради. Аслида, экстремизмга диний қиёфа бериш нотўғри. Чунки экстремизм муайян гуруҳларнинг ўз ғайриинсоний мақсадларига эришиш, ўз назарияларининг тўғрилигини исботлаш йўлида ҳар қандай кўринишдаги воситалардан фойдаланиб қилинадиган ҳаракатдир...

Дин эса, инсонларни эзгуликка, яхшиликка, бирдамликка, ҳамжиҳатликка ва сийлаи раҳмга чорлайди.

Юқорида зикр этилган маънолардан ҳам билиниб турибдики, бу нотўғри кўчага кирган инсонлар нечоғлик ғумроҳликка юз тутиб, ўзини икки дунё саодатидан маҳрум бўлгани етмагандай, бошқаларнинг ҳам ҳаётига оғу солишга уринган, шайтоннинг найрангидан маст бўлган шахс деб таъриф берсак муболаға бўлмаса керак.

Мавзуни ёритиш учун қуйидаги маълумотларга фикрингизни жалб қилмоқчимиз: Динимизнинг “Ислом” сўзи билан юритилиши бежиз эмас. Чунончи, “Ислом” арабча сўз бўлиб, бир неча маънога эга. Жумладан, у тинчлик, осойишталик, саломатлик, хотиржамлик ва Яратганга итоат қилиш маъноларини ифода қилади. Бундан ташқари динимизнинг барча таклифотлари инсонларнинг бир-бирларига иттифоқликлари, тинчлиги, соғлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилгандир.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мусулмон кишиларга хос бўлган саломлашиш одоблари, яъни, ўзаро учрашилганида, суҳбатлашилганида аввалги сўзлар “Ассалому алайкум” (“Сизга сиҳат-саломатлик, тинчлик бўлсин!”), “Ва алайкум ассалом” (“Сизга ҳам сиҳат саломат, тинчлик бўлсин!”) деган сўзларни фарзандларимизга ёшликдан ўргатиб боришимизда муҳим тарбия омили бордир.

Ана шу хусусда Қуръони Каримда тинчликка чақириш ва нотинчликка, хавфу хатарга ва бузғунчиликка сабаб бўладиган ҳолатлардан қайтариш маъносидаги кўпгина оятлар мавжуд.

Жумладан, Бақара сурасининг 208-оятида “Эй мўминлар, ёппасига тинчлик ишига киришингиз ва шайтоннинг йўлига юрмангиз”, – дейилади.

Муборак хадиси шарифлар мазмунида эса “Ҳақиқий комил мусулмон киши шундай кишики, унинг тили ва қўлидан бошқалар саломат бўлади”, – дейилади. Яъни, ҳақиқий мусулмон киши тили билан ҳам, қўли билан ҳам ҳеч кимга озор бермас экан.

Яна бир ҳадисда “Ўзингизга лойиқ кўрган нарсани бошқа мўмин биродарингизга ҳам лойиқ кўринг. Ўзингизга раво кўрмаган нарсани бошқа мўмин биродарга ҳам раво кўрманг”, – дейилади.

Шунингдек алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозимки, Қуръони Карим оятлари илоҳий бўлиб, маъно-мазмун жиҳатидан мураккабдирки, уни фақатгина араб тилини билган ҳар қандай одам таржима қилиб, ўз фикрича маъно чиқариб олишига рухсат этилмайди.

Шунинг учун баъзи илмсиз кишилар араб тилидан озгина хабардор бўлиб ёки таржималардан ўқиб олиб, ўзларини дин вакили қилиб кўрсатиб, Қуръони Карим оятларини ўзларининг ғаразли мақсадларига мувофиқлаштирган ҳолда таржима қилиб, бошқаларни тўғри йўлдан адаштиришга уринмоқдалар. Улар Қуръонда ундай дейилган, Қуръонда бундай дейилган, дея кўзда тутилган ҳақиқий маънодан юз ўгиришмоқда.

Хусусан, оятлардаги “Жиҳод”, “Шаҳидлик” ва “Ҳижрат” сингари сўзларнинг асл маъно-мазмунларини тушиниб етмасдан, зоҳирий маъноларини ўз фикрларича таржима қилишмоқда ёки асл маъносига амал қилишни хоҳламасдан ўзларининг ғаразли мақсадларига талқин қилмоқдалар. Натижада эса, халқ кўзига Ислом динини ёмон кўрсатиб, диндан безитишга ҳаракат қилмоқдалар.

Аслида-чи? Динни қуёшга мисол қилинади. Қуёш чиқиши билан ер куррасидаги барча нарсалар ундан фойдаланади, яъни, ҳеч нарсага зарар етишини истамайди, балки манфаатни раво кўради.

Бизнинг жаннатмакон Ўзбекистон диёримизда ота-боболаримиз асрлар давомида Ислом динига мансуб бўлиб, турли миллат ва элат вакиллари бир-бирлари билан иттифоқликда, елкадош бўлиб, бир бурда нонларини бўлишиб, тинчлик, осойишталикни таъминлаб келганлар. Улар уруш, қон тўкиш ёки қўпорувчилик каби тарғиботларни қилмаганликлари – улар тўғри йўлда эканликларга, бузғунчи гуруҳларнинг эса, адашган эканликларига яққол далилдир.

Таассуфлар бўлсинки, кейинги пайтларда мустақиллигимизни, ривожланишимизни кўра олмаётган атрофдаги ғанимларнинг макр, ҳийла, найрангларига учиб, туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган, ўз она Ватанига, ўз миллатига, хусусан бутун оламга илм-маърифати билан танилган аждодларимизга беҳурматлик қилиб, ўзларини “дин ҳимоячиси” этиб кўрсатаётганлар сафига бориб қўшилиб қолаётган ватандошларимиз ҳам йўқ эмас. Уларни мана шундай ғаразли кимсаларга сафдош бўлишига нима сабаб бўлди?! Албатта, илмсизликлари, нафсини жиловлай олмаганликлари, қалб кўзларини кўр эканлиги ва албатта, атрофдаги яқинларининг лоқайдлиги, бефарқлигидандир.

Дарҳақиқат, агар модомики, атрофидаги яқинлари уни ножўя йўлга кириб бораётганини сезиши ҳамоноқ тегишли идораларга айтганида, маҳалла фаоллари, имом-хатибларга буни билдирганида эди, бу масалани улар ўз вақтида ҳал қилишар, бузғунчилар сафи биттага кўпаймаслиги мумкин эди. Ёки ўшаларнинг ўзларида илм бўлганида, қалб кўзи очиқ бўлганида эди, улар мана шундай маккорларнинг ҳийлалари динга нақадар терс эканини тушунардилар, динни ҳар қандай жирканчликка қарши эканини билардилар.

Мазкур мавзу барчамизга янгилик эмас, ИШИД, Ал-Қоида, Ваҳҳобий, Акромий, Толибонлар, Ҳизбут таҳрир, Нурчилар сингари бир қатор жирканч оқимлар мисолида буларни қилаётган номақбул ишларини кўришимиз мумкин. Бир қанча китобларда ва ОАВларида ўқиганмиз ва имом-хатиб ҳамда бошқа нотиқларимиз суҳбатларида эшитганмиз, шундоқ бўлсада, янада мукаммал тушунчага эга бўлишимиз учун чоп этилаётган китоблардан ўқиб борсак, турли иллатлардан ўзимизни ва фарзандларимизни сақлаган бўламиз.

Умид қиламизки, юртимиз тарққиётига ҳеч кандай куч тўғаноқ бўла олмайди. Чунки Яратганнинг ўзи мададкор бўлиб, ҳимоясида сақлаб келмоқда. Бундан кейин ҳам сақлашини сўраймиз.

«Халифа Худойдод» жомеъ масжиди имом-хатиби Одилжон Саъдуллаев

Рукн: Таълим
Киритди: Админ | 85 | Улашиш:
Илм олимлар талқинида
Манзилимиз: Бухоро в, Бухоро ш
Электрон почтамиз: ilm@info.uz
ilm.uz ижтимоий тармоқларда :
© 2017 Ilm.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

ЎзМАА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1153

Сайт USAYT веб студияси томонидан яратилган. Designer: Mohi.